Экофорум  негосударственных  некоммерческих  организаций  Узбекистана

Ўзбекистон Экологик ҳаракати мамлакат фуқаролик жамияти институтларига МУРОЖААТИ

 

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён Ватан равнақи ва халқимиз фаровонлигини тъминлашга қаратилган кенг кўламли бунёдкорлик ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар стратегиясини изчил амалга ошириб келмоқда.

Мустақил Ўзбекистоннинг иқтисодиёти, ижтимоий соҳаси, давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатнинг тараққиёт ва демократия йўлидан изчил олға силжиши Ўзбекистондаги бой табиий ресурсларга таянади. Мустақил тараққиётнинг дастлабки кунлариданоқ улардан оқилона фойдаланиш, келажак авлодлар учун қулай табиий муҳитни асраб-авайлаш йўли тутилди.

Ўтган давр бизга Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзулга учраши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликни қискарилиши, катта ҳажмдаги саноат ва бошқа чиқиндиларнинг шаклланиши каби ҳал қилинмаган бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммоларни мерос қилиб қолдирди. Ҳозирги кунда бу муаммолар, табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва соғломлаштириш масалалари давлатимиз раҳбариятини алоҳида эътиборида.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда экологик муаммоларни ҳал этиш, уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасида салмоқли тажриба тўпланди. Лекин, бу сохадаги вазифаларнинг чуқурлиги ва кўлами, мамлакатимиздаги экологик вазиятни яхшилашга қаратилган дастурларни амалга ошириш масалалари давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, барча фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни тақозо этмоқда.

 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги” шиори остида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислохотларни янада чуқурлаштиришга ва жамиятнинг барча кучларини сафарбар этишга интилади. Бундан кўзланган мақсад бугунги ва келажак авлодларни қулай атроф муҳитда яшашини таъминлашдан иборат.

Ушбу мақсадга эришиш учун Экоҳаракат нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини

 экологик муаммоларни ҳал этиш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга;

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтишга;

шаҳар ва аҳоли пунктларида дарахт ва буталарни зараркунандалар ва касалликлардан тизимли ҳимоялашни таъминлашга;

Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ҳар йили куз ва баҳор мавсумларида кўчат экиш ва сақлаш ишларини ташкил этиш бўйича “яшил ҳафталик” тадбирларини ННТ ва маҳалла фаоллари иштирокида ўтказиб боришни ҳамда аҳолига бепул кўчат тарқатишни ташкил этиш чораларини кўришга;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган қаровсиз қолган дарахтларни хатловдан ўтказиб, уларни бино ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки фойдаланувчиларига туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда бириктириш бўйича таклифларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиб боришга;

давлат экологик инспекторлари, корхона ва идоралар экологлари ҳамда экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари билан биргаликда экологик рейдлар ўтказишга;

экологик ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўриш юзасидан ва жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга;

қурилиш объектларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-46-сонли Фармони билан тасдиқланган “Йўл ҳаритаси”нинг 1-бандига мувофиқ “янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метр ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўймаслик” талабига катъий риоя қилишни жамоатчилик назоратини ташкил қилишга;

дарахтларни парвариш қилиш, суғориш тизимини таъминлаш, масъулларни белгилаш, ҳудудларда “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо этиш, шунингдек, дарахтларни муҳофаза қилиш йўналишида жамоат ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан жамоатчилик назоратини кучайтиришга;

экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари институти фаолиятини такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш, жамоатчи инспекторларнинг малакасини ошириш ҳамда улар фаолиятига услубий кўмаклашишга;

экология йўналишида лойиҳаларни атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширишга;

жойларда экологик муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик фаоллигини ривожлантириш, экологик маданиятни шакллантиришига кўмаклашишга;

хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотларининг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни экологик фаолиятга фаол жалб этишга;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, одамларда ўз саломатлигини асрашга тўғри ва масъулиятли муносабатни шакллантириш, ўз ҳаётини табиат қонунларига мувофиқ ташкил этишда халқ таълими ва соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшишга чақиради.

Атроф-муҳит ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳам давлатнинг, ҳам жамиятнинг, ҳам ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши керак!